Лангарчўпда сакраш бўйича икки карра олимпиада чемпиони россиялик Елена Исинбаева Халқаро енгил атлетика ассоциацияси (IAAF)нинг спортчилар комиссияси таркибига кирди. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди.

Россиялик спортчи 712та овоз тўплади. Танланган атлетлар ваколати 2016 йилнинг 1 январидан кучга киради.

IAAFнинг спортчилар комиссиясидаги олти ўринга 16 кишининг номзоди илгари сурилди. Исинбаевадан ташқари янги зелландиялик ядро ирғитувчи Валери Адамс (837 овоз), қатарлик баландликка сакровчи Мутаз Эсса Баршим (743 овоз), норвегиялик найза ирғитувчи Андреас Торкильдсен (639 овоз), швециялик уч ҳатлаб сакровчи Кристиан Олссон (599 овоз) ва япониялик босқон ирғитувчи Кодзи Мурофуши (536 овоз) ҳам сайланди.

Исинбаева бунгача Пекиндаги жаҳон чемпионатида меҳмон сифатида иштирок этмаслигини 2016 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик режасига ўзгартиш киритмаслик истагида экани билан изоҳлаган эди.