Россиялик тадқиқотчи, журналист ва режиссёр Николай Субботин октябрь ойида Ўзбекистонга янги экспедиция ташкил этиши маълум қилди.

“Октябрь ойида янги экспедицияга жўнайман — “Орийлар йўллари бўйлаб. Ўзбекистон”. Сунъий йўлдош суратларини таққослар эканман, у ерда сирли объектга кўзим тушди. У Челябинск Аркаимини худди ўзи!”, – дея 41 ёшли экспедициячи сўзларидан иқтибос келтиради “Комсомольская правда”.

Унинг сўзларига кўра, Челябинскдаги қадимий шаҳар бузилиб кетган. Бироқ Ўзбекистоннинг қуруқ иқлими сабабли қарийб аввалги ҳолати бўйича сақланиб қолган ўттизга яқин кўча ва уйлар мавжуд. Улар Челябинскдаги “Шаҳарлар ўлкаси”га жуда ўхшаш.

Машҳур сайёҳ Николай Субботин 5 йил давомида сунъий йўлдош тасвирлари асосида қадимий тарихий артефактлар базасини ишлаб чиқди. Ҳозирги пайтда бундай объектлар сони Россия ҳудудида 10 мингта атрофида, дунё миқёсида эса 50 мингтадан ошади.

Аркаим — Россиянинг Челябинск вилоятидан топилган сирли қадимги шаҳар. У Европа ва Осиё қитъалари чегарасида жойлашган. Қадимги турк тилидан таржима қилинганида “елка”, “орқа”, “асос” маъноларининг англатади. Спиралсимон кўринишдаги Аркаим манзилгоҳи эрамиздан аввалги 17-16 асрларга оид синташта маданиятининг ўзига хос намунаси бўлиб, хўжалик иншоотлари, мозор ва мустаҳкамланган турар-жой биноларидан ташкил топган.