Швейцариянинг тоғли курортларидан бирида хитойлик сайёҳлар учун маданий жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда махсус поезд қатнови йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда Blick нашри.

Қайд этилишича, Швейцария Альпдларидаги Рига курортига кўп сонли ташриф буюрувчилар хитойлик сайёҳларнинг поездларда ўзларини номақбул тутишлари устидан бир неча марта шикоят қилганлар. Уларнинг эътирозига хитойликларнинг вагонлар, ўтиш жойлари, эшиклар олдида тўпланиб олишлари ҳамда ўзларини қўпол тутишлари сабаб бўлган. Баъзи сайёҳлар вагонлар полига тупураётган хитойликларни кўришганини айтишган.

Маҳаллий темир йўл компанияси вакилининг айтишича, Осиёдан сайёҳларнинг ташриф буюриши ишларни ўнглаб олишга ёрдам берди, бироқ улар ўзларини номақбул тутишлари муаммога айланди. Вазиятни яхшилаш мақсадида курортга ташриф буюраётганларнинг ярмини ташкил қилувчи осиёлик сайёҳлар гуруҳларига алоҳида поездлардан фойдаланиш таклиф қилинмоқда. Янги поездлар кўпроқ марта тозаланиши ва ҳожатхонадан қандай фойдаланиш батафсил тушунтирилган йўриқномаларга эгалиги билан фарқланади