Кун давомида телевизор қаршисида ўтириш ўпка эмболияси касаллигига чалиниш хавфини ошириши аниқланди. Ушбу мавзуга бағишланган тадқиқот натижалари Лондонда бўлиб ўтган Европа кардиологлар уюшмаси конференциясига тақдим этилди, дея ёзмоқда The Independent.

Ўпка эмболияси — юракдан ўпкага қон ташувчи артериянинг тўсилиб қолиши билан изоҳланувчи касаллик бўлиб, Британиянинг ўзида мазкур хасталикдан ҳар йили 60 киши вафот этади.

Олимларнинг ойдинлик киритишича, кунига 5 соатдан зиёд вақтини телевизор қаршисида ўтказувчи кишилар ўпка эмболияси касаллилигига икки баробар кўпроқ чалинишади.
Тадқиқот муаллифлари турли хил телешоулар томошасига муккасидан кетган кишилар тез-тез узоқ масофаларга парвоз қилувчилар каби профилактик чораларни кўришлари керак, деган хулосага келишди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти авиапарвозлар чоғида қуйидаги профилактик чораларни қўллашни тавсия қилган:
- болдир мушакларини букиб-ёйиш, салон бўйлаб сайр қилиш;
- қон қуюқлашиб қолмаслиги учун керакли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш(тоза сув);
- алкоголь ичимликлари, уйқу келтирувчи тинчлантирувчи дорилардан воз кечиш (улар қон қайишқоқлигини ошириб юборади);
- оёқлар вена томирларида қоннинг эркин айланишини таъминлаш учун қулай либос ва оёқ кийимларини кийиб олиш;
- энг асосийси, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш.