12 август куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳридаги хавфли кимёвий моддалар омборхонасида рўй берган портлаш қурбонлари сони 150 нафарга етди, яна 23 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда қутқарув операцияси матбуот хизмати хабар берди.

Тақдим этилган маълумотга кўра, барча жасад эгаларининг шахси аниқланган. Маҳаллий ҳукуматнинг хабар беришича, ҳалок бўлганларнинг 92 нафари ўт ўчирувчилар, 10 нафари эса полициячилардир. Яна 12 нафар ўт ўчирувчи, бир полициячи ҳамда 10 нафар бошқа шахслар бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Фожеа натижасида 800 нафар атрофидаги киши жароҳат олди, уларнинг 367 нафари ҳамон шифохоналарда даволанаяпти. 20 кишининг аҳволи оғирлигича қолмоқда. 431 киши эса даво чораларини олганидан сўнг тиббиёт муассасаларидан чиқарилган.

Портлаш 2015 йил 12 август куни “Жуйхай” логистика компанияси омборхонасида рўй берган эди. Тўлқин зарбидан 2 км радиусдаги биноларнинг ойналари синиб, 10 мингга яқин автомобиль ёниб кетган.

Кучи 3 тонна тротил эквивалентига баҳоланган портлашдан кейин воқеа жойида кучли ёнғин чиққан. Шундан кейин омборхонада яна бир нечта портлашлар юз берган, улардан энг кучлисининг қуввати 21 тонна тротил портлашига тенг бўлган.