Япония парламенти жиддий ўзгаришлар арафасида: мухолифатдаги фракциялар сони биттага ортади

Жаҳон 30 Август 2015 1469

Япониядаги Осака шаҳри мэри ва мамлакатда иккинчи ўринда турувчи мухолифатдаги Япон инновациялар партиясининг собиқ етакчиси Тору Хасимото октябрь ойида янги фракция ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 30 август куни сиёсатчининг расмий вакиллари маълум қилди.

Хасимотонинг Япон инновациялар партиясидаги 20 нафар атрофидаги собиқ ҳамкасблари янги фракциянинг дастлабки аъзолари бўлиши қайд этилди. Якуний таркиб эса октябрь ойининг иккинчи ярмида эълон қилинади.
Киодо агентлиги хабарига кўра, Япон инновациялар партиясининг амалдаги етакчиси Ёрихиса Мацуно ҳам кейинги ҳафтада асосий мухолифатдаги партия — Демократлар партияси раҳбари Кацуя Окада билан учрашиб, бирлашиш масаласини муҳокама қилишни режалаштирган. Бу эса яқин орада япон парламентида жиддий ўзгаришлар содир бўлишини англатади.

Парламент қуйи палатаси учун ўтказилган сўнгги сайловлар вақтида Япон инновациялар партияси 475 ўриннинг 40тасига эга чиққан эди. Юқори палатада эса 242 депутатнинг 11 нафари ушбу партия аъзолари ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар