АҚШ ўзининг шимолдаги қўшниси – Канада билан чегарасида девор қуришдан ютиши мумкин, деб айтди АҚШ президенти лавозимига Республикачилар партиясидан номзоди қўйилиши учун даъвогарлик қилаётган Висконсин штатининг губернатори Скотт Уокер NBC телеканалига берган интервьюсида.

Уокер журналистнинг АҚШга террорчиларнинг киришига йўл қўймаслик мақсадида бундай тўсиқ қурилиши эҳтимолига  қандай қараши ҳақидаги саволига қуйидагича жавоб берди:

“Одамлар биздан Нью-Гэмпширда (АҚШнинг Канада билан чегарадош шимолий қисми) бу ҳақда сўрашган эди, уларда, жумладан мен билан йиғилишлардан бирида бу ҳақда гаплашган ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларида ҳам ҳақли равишда хавотирлар пайдо бўлмоқда. Шу сабабли бу масалани кўриб чиқиш ўзини оқлайди”, деб таъкидлаб ўтди Уокер.

Губернатор “АҚШни террорчилардан сақлаш фақатгина девор қуриш ва чегараларни қўриқлашдан иборат эмаслигини, “бунинг учун террорчиликка қарши курашишда разведка хизматларига барча имкониятларни тақдим қилиш зарурлигини” айтмоқда.