30 август куни Тошкентда АҚШ Давлат котибининг Марказий ва Жанубий Осиё бўлими бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Даниэл Розенблюм иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Америкалик дипломат саволларга жавоб бериш асносида АҚШ Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунларданоқ бу янги давлат суверентитетини ҳурмат қилган ҳолда ўз ташқи сиёсатида Ўзбекистон билан узоқ муддатга мўлжалланган мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйганини таъкидлади.

Қайд этиш керакки, АҚШ давлат департаменти вакили бу матбуот анжумани давомида Ўзбекистонни ўзбек тилида мустақилликнинг 24 йиллиги билан табриклади.

"Жаҳон" АА маълумотига кўра, Даниэл Розенблюм Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, расмий Вашингтон бу муносабатларнинг янада ривожланишидан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Шунингдек, у икки давлатнинг маданият ва таълим соҳаларидаги алоқаларига эътиборни қаратган. У Ўзбекистонда хориж тилларининг ўргатилишига жиддий эътибор қаратилиши сиёсатини жуда ижобий баҳолаган.

"Маданий соҳалардаги муносабатлар ҳақида гапирадиган бўлсам, давлатларимиз бу муносабатларнинг ривожланиши йўлидан боришмоқда. Айни вақтда Ўзбекистонга америкача рақс ижрочилари гуруҳи ташриф буюрган ва бу гуруҳ Тошкентда концерт беришни режалаштирган", дейди Розенблюм.