ОАВ: Блэр Кэмеронга Ливияда ҳарбий амалиёт бошланишидан олдин Каддафи билан келишув тузишни таклиф қилган эди

Жаҳон 31 Август 2015 2674

Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр ҳукуматнинг амалдаги раҳбари Дэвид Кэмеронга Ливияда халқаро коалициянинг ҳарбий амалиётлари бошланишидан олдин Муаммар Каддафи билан келишув тузишни таклиф қилган. Аммо вазирлар маҳкамаси раҳбари бунга рад жавобини берган. Бу ҳақда Лондоннинг The Times нашри хабар берди. Айтилишича, бу маълумотлар амалдаги бош вазирнинг Энтони Сэлдон томонидан ёзилган Cameron at 10 номли таржимаи ҳолида акс этган.

“Дэвид Кэмероннинг таржимаи ҳолида ёзилишича, 2011 йили Ливия диктаторини ағдариш кампанияси чоғида Блэр Даунинг-стритга қўнғироқ қилиб, Каддафига яқин киши билан мулоқотда бўлганини, у келишув тузиш ниятини билдирганини маълум қилган. Аммо бош вазир бу маслаҳатга амал қилмасликка қарор берган, негаки Ливия диктаторига ёрдам сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳаракат қилишдан бош тортган”, - дейилади нашрда.

Таржимаи ҳолда таъкидланишича, кўзга кўринган британиялик сиёсатчилар бош вазирни Каддафига қарши кампанияни бошлаш фикридан қайтаришга интилган, аммо Кэмерон фикридан қайтмаган. Хусусан, ташқи разведка хизматининг ўша пайтдаги раҳбари Жон Сойерс Ливияга интервенция Британия манфаатларига хизмат қилмаслигини таъкидласа, мудофаа штаби раҳбари Дэвид Ричардс эса Кэмеронни яхши тайёрланмаган кампанияни бошлаганини айтиб очиқ танқид қилган.

Шунингдек, маълум қилинишича, Обама уч кун давомида Кэмероннинг қўнғироқларига жавоб беришдан бош тортган.

Кўпроқ янгиликлар