АҚШ президенти Шимолий Америка қитъасининг энг баланд тоғининг номланишини асл ҳолига қайтарадиган бўлди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Аляскадаги Мак-Кинли тоғига унинг ҳиндулар тилидаги тарихий номи Денали қайтариладиган бўлди. Қайд этилишича, тоғга асл номининг қайтарилиши борасида музокаралар 40 йил давом этган. Денали маҳаллий атабаски ҳиндулари тилида “Буюк” деган маънони билдиради.

Тоғ 1896 йилда республикачи Уильям Мак-Кинли АҚШ президенти этиб сайланганда унинг номига ўзгартирилган эди. 1975 йилдан Аляска штати ўз хариталарига тоғнинг асл номланишини киритган эди, бироқ ҳозиргача федерал ҳукумат бу қарорни қабул қилишдан бош тортиб келган.

Обама тоғга ўзининг асл номи қайтарилишини Аляскага уч кунлик ташрифи давомида эълон қилади.