БМТ Хавфсизлик кенгаши раислиги 2015 йил 12 сентябрдан Россияга ўтади. Россия Федерациясининг раислиги ой сўнгига қадар давом этади. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги хабар берди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг маълум қилишича, сентябрь ойида БМТ Хавфсизлик кенгашидаги ишлар интенсив тартибда амалга оширилади.

“Вазирликнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги можароларни бартараф этиш ҳамда террористик хавфларга қарши кураш масалаларига бағишланган очиқ йиғилиши Россия раислигидаги ойнинг марказий тадбири бўлади”, – деди Захарова. Унинг сўзларига кўра, табдир 30 сентябрда бўлиб ўтади.

Шунингдек, Россия раислиги чоғида Ливиядаги миссия муддатларини узайтириш масалари ҳам муҳокама қилинади. Захарованинг маълум қилишича, Ливиядаги вазият, ушбу мамлакатга жорий этилган санкция тартибининг ҳолати асосий муҳокамалар марказида бўлади.

Хабар қилинганидек, БМТ Бош ассамблеясининг 70- сессияси 15 сентябрь куни жаҳон ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида очилади. Сессия доирасида 25-27 сентябрь кунлари 2015 йилдан сўнг тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибини тасдиқлаш режалаштирилган саммит бўлиб ўтади. 28 сентябрда эса 150дан зиёд мамлакатлар раҳбарлари ва БМТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари иштирокидаги умумсиёсий муҳокамалар бошланади.

БМТ Бош ассамблеясининг 70- сессиясида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этади.