Корея Республикаси ва КХДР ўтган ҳафта Пханмунжомда бўлиб ўтган кескинликни юмшатишга бағишланган келишув шартларига риоя қилган ҳолда тинчлик ва бирлашиш томон ҳаракатни бошлаши мумкин. Бу ҳақда сешанба, 1 сентябрь куни Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе маълум қилди.

“Агарда қийинчилик билан эришилган келишув муваффақиятли амалга ошса, томонлар ҳамкорлик, тинчлик ва бирлашиш сари олға қадам ташлашни бошлаши мумкин”, – деди президент вазирлар маҳкамаси йиғилишида. Корея Республикаси етакчиси икки мамлакат 1950-1953 йиллардаги уруш вақтида ажралиб кетган оилалар қариндошлари учрашувининг муваффақиятли тарзда ташкил этилишига умид билдирди. Учрашувни ташкил этиш борасида музокаралар 7 сентябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унинг ўзи эса 27 сентябрь — корейс халқи ҳосил байрами ва аждодларни ёд олиш Чусок маросимини ўтказадиган санада ташкил этилиши белгиланган.