АҚШнинг айрим конгрессменлари ва сиёсатчилари Вашингтон Арктика бўйича баҳсда Москвадан ортда қолмоқда, деб ҳисоблайди. Бу The New York Times’да чоп этилган “АҚШ Россия билан Арктика учун пойга ўйнамоқда” номли мақолада эътироф этилди.

Таъкидланишича, АҚШнинг Арктика флоти етарли даражада такомиллашмаган, зарурий инфраструктура яратилмаган, Арктикадаги денгиз чегараларини назорат қилишга кемалар етишмайди.
Арктика учун баҳсларни айрим таҳлилчилар “Янги совуқ уруш” деб атамоқда. Шунга қарамай, Пентагон ушбу минтақага миллиардлаб маблағ сарфлашга тайёр эмас, Россия эса бор имкониятларини ишга солиб, у ерда янги базалар қурмоқда ёки эскиларини тикламоқда.

“АҚШ бу ўйинга киргани йўқ”, - деди нафақадаги адмирал Роберт Папп, ушбу баҳс ҳақидаги саволга жавоб бераркан.
Бундан ташқари, Арктиканинг табиий бойликлари нафақат АҚШ ва Россияни, балки минтақанинг бошқа давлатларини ҳам ўзига жалб этмоқда. АҚШнинг Арктикадаги улуши Россия, Канада, Норвегия ва Даниянинг улушидан камроқдир. Унинг улуши фақат Исландиянинг улушидан каттароқдир.