Ўзбекистон олимпиячилари Словакиядаги турнирни ғалаба билан бошлашди

Спорт 01 Сентябрь 2015 1516

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Словакиядаги халқаро турнирдаги илк учрашувида БАА олимпия терма жамосини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерациясининг расмий сайти хабар тарқатган.

Словакиядаги турнирдаги илк рақиб БАА олимпия терма жамоаси бўлди. Учрашувнинг иккинчи бўлимида Бобур Йўлдошев жаримадан ошириб берилган тўпни боши билан рақиб дарвозасига киритди ва ушбу гол ўйиндаги ягона гол бўлди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирда Ўзбекистон ҳамда БАА олимпия терма жамоаларидан ташқари Саудия Арабистони, Иордания ҳамда мезбон Словакия олимпия терма жамоалари иштирок этишади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Тошкентдаги йиғинда иштирок этган “Насаф” ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков олимпия терма жамоаси сафида Словакияга жўнаб кетган. Словакиядаги Дилшод Нуралиев олимпия терма жамоасига мураббийлик қилмоқда.

Аввалроқ, Словакиядаги халқаро турнир Ўзбекистон олимпия терма жамоаси учун январь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати баҳсларига тайёргарлик вазифасини ўташи ҳақида хабар берилганди.

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг турнирдаги навбатдаги учрашуви 1 сентябрь куни Саудия Арабистонига қарши бўлиб ўтади.

U-23 ёшлар ўртасида Халқаро турнир. Трнава, Словакия.

30 август.

Ўзбекистон U-23 – БАА U-23 – 1:0

Гол: Бобур Йўлдошев (82).

Ўзбекистон U-23: Абдумавлон Абдужалилов, Максимилиан Фомин, Сардор Раҳмонов, Бобур Йўлдошев, Жавлон Мирабдуллаев, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Икром Алибоев, Достон Ҳамдамов, Жалолиддин Машарипов, Забиҳилло Ўринбоев.

Кўпроқ янгиликлар