Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Николай Патрушев Украина ва Болтиқбўйида фашизм қайта пайдо бўлаётганига ишончи комил эканлигини айтди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Патрушев бу ҳақда Санкт-Петербург давлат денгиз техник университетидаги нутқи давомида айтиб ўтди. “Айни пайтда Украина ва Болтиқбўйи давлатларида очиқчасига ва сурбетларча фашизм қайта тикланмоқда. Фашист миллий ҳаракатлари фаоллари қаҳрамонлаштирилмоқда, уларнинг қарашлари маҳаллий аҳоли орасида борган сари кўпроқ тарафдорларини топмоқда”, деб таъкидламоқда Патрушев.

Бундан ташқари, Патрушев айни пайтда Россиянинг чегараларида ҳарбий кескинлик ўчоқлари яратилаётгани ва антироссия тарғиботининг тарқалиши ҳолатлари юз бераётганини таъкидлаб ўтди.