Душанба, 31 август куни Украина Радаси қаршисида граната портлашидан жароҳатланган Украина Миллий гвардиясининг иккинчи жангчиси олган жароҳатлари туфайли вафот этди, дея хабар берди мамлакат ички ишлар вазири Арсен Аваков.

“Кечаги портлашдан жароҳат олган яна бир миллий гвардиячи Сластиков Дмитрий шифохонада вафот этди”, – деб ёзди Аваков 1 сентябрь куни ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.

Бундан аввалроқ эса миллий гвардия жангчиси Игорь Дебрин ҳаётдан кўз юмган эди. Мамлакат ИИВ унинг граната парчаларидан эмас, ўқ отар қуролдан ҳалок бўлганини маълум қилди.

Сешанба куни тонгда тарқатилган маълумотларга кўра, айни пайтда Киев госпиталь ва касалхоналарида 31 август куни Украина Радаси биносидаги тартибсизликларда жароҳат олган 141 киши даволанмоқда. “Интерфакс” агентлигининг Украина ИИВ Киев бош бошқармаси матбуот хизмати хабарига асосланиб маълумот беришича, улардан 10 нафарининг аҳволи оғир.