Санкт-Петербургда авлиё Елизавета шифохонасида операциядан кейин бемор танасида қисқич қолиб кетгани сабабли вафот этди, деб хабар бермоқда шаҳар прокуратурасига иқтибос келтирган ҳолда “Русская служба новостей” ахборот агентлиги.

“Тергов маълумотларига кўра, жарроҳ Ирина Цибульская 2014 йилнинг 12 февралида Елизавета шифохонасида Беларусь фуқаросига ўнг томонлама диафрагмал чуррани олиб ташлаш бўйича ўтказган жарроҳлик операциясида масъулиятсизликка йўл қўйди. Шифокор операциядан кейин бемор ичида Микулич қисқичини унутиб қолдирган”, дейилмоқда прокуратурада.

Эркакнинг аҳволи у шифохонадан чиққандан кейин кескин ёмонлашиб кетган. У шошилинч шифохонага ётқазилган ва қисқични олиб ташлаш бўйича яна битта операцияни бошидан ўтказган. Қисқич олиб ташланган, бироқ бемор 29 майда ҳалок бўлган.