Хитойнинг «Poly Group» корпорацияси ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзавтосаноат” АК Тошкент вилоятида автомобиль шиналари ишлаб чиқаришга келишиб олди.

28 август куни "Ангрен" ЭИЗ ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш"лойиҳаси бўйича қурилиш ишларининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Лойиҳанинг йиллик қуввати – 3 млн дона автомобиль, 200 минг дона қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ва 100 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқаришдан иборат. Ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида 2014 йилнинг август ойида “Резинотехника буюмлари заводи қурилиши бўйича дирекцияси” МЧЖ Хитойнинг “Poly Technologies Inc.” компанияси билан “тўлиқ фойдаланишга топшириш” шарти билан шартнома имзолаган эди.

Қурилиш муддати 34 ойни ташкил этиб, 183,96 млн долларлик лойиҳа Хитой Эксимбанки кредити, “Ўзкимёсаноат” АЖ маблағлари ва Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда шиналар ишлаб чиқарилмайди ва асосан МДҲ мамлакатлари ва Хитойдан тўлиқ импорт қилинади.