Хитой иқтисодиётидаги ўсишнинг секинлашиши нефть нархига салбий таъсир кўрсатмоқда, бу эса нефть экспорти билан шуғулланувчи Россияда рецессиянинг кучайишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги таҳлилчилари фикр билдирди.

Агентликнинг эслатишича, 2015 йилнинг биринчи ярим йилида Россия ва Хитой ўртасидаги товар айланмаси 29 фоизга тушиб, 30.6 млрд долларни ташкил қилди. 2-3 сентябрь кунлари Россия президенти Владимир Путин Хитойга сафар уюштиради. Сафар арафасида у ТАСС ва Синьхуа агентлигига интервью бериб, Хитой ва Россия ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Шунга қарамай, таҳлилчиларнинг фикрича, вазият Путин таърифлаганичалик яхши эмас.

Расмий маълумотларга кўра, ташриф доирасида Узоқ Шарқда мамлакатларни ўзаро боғловчи газ қувури ўтказилиши ҳақидаги меморандум имзоланади.

Агентликнинг таъкидлашича, Путин ЕИ ва АҚШга қарши Хитой ва Россиянинг иттифоқ тузишини режалаштираётганига қарамай, аслида бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар етарли даражада яқин эмас.