Global Finance журнали (АҚШ) томонидан тузиб чиқилган дунёнинг энг яхши марказий банк раҳбарлари рейтингида Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулла Муллажонов ўз позициясини яхшилади.

Ўзбекистон Марказий банки раиси Файзулла Муллажонов “С-” рейтинг кўрсаткичига эга бўлди. Ўтган йили эса унинг даражаси “D” эди, дея хабар қилди GFMAG.com.

Қайд этиш жоизки, Global Finance 1994 йилдан буён дунёнинг қарийб 75 мамлакати, шу жумладан, Европа Марказий банки раҳбарлари рейтингини тузиб келади. Марказий банк етакчилари рейтинги ҳар йили инфляция устидан ўрнатилган назорат, иқтисодий ривожланишдаги муваффақиятлар, валюта барқарорлиги ва фоиз ставкаларини бошқаришдаги ютуқларига асосланган ҳолда “А”-“F” шкалалари бўйича тузиб чиқилади. Бунда “А” энг яхши натижаларни қайд этган раҳбарларга лойиқ кўрилади.

Бу йили энг юқори натижани Чехия Республикаси, Ҳиндистон, Исроли, Малайзия, Парагвай, Перу, Филиппин ва Тайван, шунингдек, Европа Марказий банки раислари қайд этишди. Колумбия, Саудия Арабистони ва АҚШ Марказий банклари етакчилари эса “А-” рейтингига эришди.

Мазкур рейтингида Қозоғистон Марказий банки раиси Кайрат Келимбетов ҳам ўз позициясини яхшилаб, “С”дан “В” даражага кўтарилган бўлса, қолган қўшни мамлакатлар марказий банклари етакчилари рўйхатдан ўрин олмаган.