The Financial Times нашрининг Хитой ҳарбий экспертларига таяниб ёзишича, Пекинда бўлиб ўтадиган ҳарбий парад чоғида ХХР бир неча йил яшириб келган қурол кўрсатилади.

Парад давомида “авиаташувчилар қотили” номи билан машҳур Дунфэн-21Д (DF-21D, "Шарқ шамоли") кемаларга қарши баллистик ракетаси Пекин марказидан олиб ўтилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ғалабанинг 70 йиллиги тантаналарига мўлжалланган парадда 12 минг ҳарбий хизматчи ва 500 ҳарбий техника бирлиги иштирок этади.
Экспертларнинг фикрича, ракета минтақадаги куч мувозанатини ўзгартириб юборишга қодир. Аммо ХХР мудофаа вазирлиги DF-21D ҳақида кўп маълумот тақдим этишдан тийилиб, аксарият янгиликларни сир сақлашни маъқул кўради. Фақатгина 2011 йилда у қурол ишлаб чиқариш босқичида эканлигини айтган эди.

Ғарблик ҳарбий экспертларнинг баҳолашларича, ракетанинг учиш узоқлиги 900-1 500 км ни ташкил қилади. Бунда у овоз тезлигидан 10 баробар тезроқ учиши натижасида ракетани тўхтатиб қолишнинг имкони деярли бўлмайди.
Мутахассислардан бирининг ёзишича, ракета АҚШнинг авиаташувчиларини “чиқинди қутилари”га айлантириб юбориши мумкин.
“Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг Вашингтонга сафари арафасида бу АҚШнинг илгари шак-шубҳасиз саналган денгиздаги қудрати эндиликда шубҳа остидалиги ҳақида эслатма бўлади”, - хулоса қилади газета.