Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Қозоқ хонлигининг 550 йиллигини нишонлашга кўрилаётган тайёргарликларга ўз муносабитини билдириб ўтди.

“Қозоқ халқи, хусусан, менинг авлодим, ўз тарихимизни билмай ўсдик.

Қозоғистон тарихи Россия тарихидан ёки Октябрь инқилобидан бошланарди. Мактабларда қозоқларнинг тарихи ўргатилмас эди. Аммо биз осмондан тушганимиз йўқ, аждодларимиз бор, улар қон ва тер тўкиб бу давлатни яратган... Менимча, биз ёш авлодга Қозоғистон тарихининг теран илдизларини кўрсатиб бера олишимиз лозим”, - деди у Хитойдаги Дяоюйтай давлат қароргоҳида ўтказилган матбуот анжумани чоғида.
Шунингдек, Назарбоев Қозоғистон тарихида хуннлар, саклар, усунлар давлатлари, Турк хоқонлиги, Чингизхон империяси ва Олтин Ўрда бўлганлигини эслатиб ўтди.

“Ёшлар буни билиши ва қандай пайдо бўлганимиз ҳақидаги саволларга жавоб бера олиши муҳимдир. Агар улар буни билса, ватанпарварлик туйғуси ҳам кучаяди. Шу боис Қозоқ хонлигининг 550 йиллигини нишонлашни тўғри қарор деб ҳисоблайман”, - қўшимча қилди у.
Маълумот учун, 1465 йилда Олтин Ўрда ҳудудида ташкил топган Ўзбек хонлиги ҳукмдори Абулхайрхон сиёсатидан норози бўлган шаҳзодалар Керейхон ва Жонибек Султонлар ўз қавмлари билан бирга Мўғулистон ҳудудига кўчиб кетишади. Уларни муаррихлар “қозоқлар” ёки “ўзбек-қозоқлар” деб атай бошлайди.

Кейинчалик бу икки шаҳзоданинг авлодлари ҳудудларни кенгайтириб, мустақил давлатга асос солади. Бу давлат замонавий тарихчиликда Қозоқ хонлиги номи билан маълум. Жорий йилда Қозоғистонда ушбу давлатнинг 550 йиллик юбилейи нишонланади.