Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб мева ва сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш тақиқланди. Бу ҳақда 28 август куни қабул қилинган ҳукумат қарорида белгилаб қўйилди.

Эндиликда мева ва сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум (коди: ТН ВЭД 07-08)ни автотранспорт воситаларида экспорт қилиш фақатгина темир йўл ва ҳаво транспорти орқали амалга оширилади.

Қарорда қайд этилишича, мазкур ҳужжат кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар экспортини тартибга солиш, улар экспорти юзасидан тузилган шартномалар имзолашда божхона жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда республика чегараларидан уларнинг ноқонуний олиб ўтилишини бартараф этиш мақсадида қабул қилинди.

1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда ҳужжатда кўрсатилган мева ва сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишда виждонсизликка йўл қўйган экспортёрларнинг рўйхатини тузиш ҳам йўлга қўйилади.

Маълумот ўрнида, 2015 йилда Ўзбекистонда 15,5 миллион тонна мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш режалаштирилган бўлиб, 2014 йилда бу кўрсаткич 14,9 миллион тоннани ташкил этган. Турли маълумотларда келтирилишича, фақатгина 500 минг тонна маҳсулот хорижга экспорт қилинади. Ўзбек мева сабзавотларининг асосий импортёрлари эса МДҲ давлатлари, шу жумладан, Россия ва Қозоғистон ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари контрабандасининг 35 фоизи Қозоғистон чегараларида амалга оширилади.