Туркия ҳукумати Ироқ ички ишлар вазирлиги билан доимий алоқада бўлиб, ушбу мамлакат ҳудудида ўғирлаб кетилган 18 нафар туркиялик ишчининг тақдирини аниқлаштиришга уринмоқда. Бу ҳақда Туркия бош вазирининг ўринбосари Нўъмон Куртулмуш баёнот берди.

Илгарироқ Туркиянинг Nurol қурилиш компанияси Бағдодда унинг 18 нафар ишчиси ўғирлаб кетилганини расман маълум қилган эди. AP агентлигининг маълум қилишича, тунда ниқобли одамлар ётоқхонага бостириб кириб, ишчиларни олиб кетган. Ишчилар шаҳарнинг шиалар истиқомат қиладиган Садр тумани ҳудудидаги масжид қурилишида ишлаётган эди.

2014 йил июнида ИШИД жангарилари Туркиянинг Мўсул шаҳридаги консуллигининг 49 нафар ходимини гаровга олган эди. Улар 2014 йил сентябрида озод қилинган эди.