Пекинда 3 сентябрда бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда қолган қурол-аслаҳалар қаторида “авианосецлар қотили” деб ном берилган “Дунфэн-21D” ракетаси намойиш қилинади. Бу ҳақда хитойлик мутахассисларнинг фикрига иқтибос келтирган ҳолда Financial Times нашри хабар бермоқда. 

Ракета товуш тезлигидан 10 марта тезроқ учиши мумкин ва уни тутиб қолишнинг иложи йўқ.
Аввалроқ хитойлик ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 70 йиллигига бағишланган ушбу парадда намойиш қилинадиган қурол-аслаҳанинг 84 фоизи биринчи марта намойиш қилинади. Бу мутлақ янги қурол ёки аввал сир тутилган қурол-аслаҳа бўлади.

Иккинчи артиллерия қўмондонлиги коллежи полковниги Шао Юнлин “Хуаньцю Шибао” газетасига берган интервьюсида параднинг репетициясида биринчи марта “Дунфэн-21D” ракетаси намойиш қилинганини айтди.

FT маълумотларига кўра, парадда шунингдек товушдан тезроқ ҳаракатланувчи кемаларга қарши, таъсир доираси 250 кмни ташкил этувчи YJ-12 қанотли ракетаси ҳам намойиш қилинади. Бу ракета собиқ иттифоқнинг Ту-16 самолёти негизида қурилган H-6K стратегик бомбардимончи самолётидан учирилади.

Хитой ҳукумати парадда айнан қандай қурол-аслаҳалар намойиш қилинишини расман тасдиқламади. Хитой Мудофаа вазирлиги FT’нинг “Дунфэн-21D” ракетасининг намойиш қилиниши эҳтимолига изоҳ бериш ҳақидаги ёзма мурожаатига жавоб беришдан бош тортди.

”Дунфэн-21D” ракетаси ҳақидаги ягона расмий хабар Хитой Мудофаа вазирлигининг 2011 йилда бу ракета ишлаб чиқиш босқичида эканлиги ҳақидаги хабари бўлган. Хорижий ҳарбий экспертларнинг фикрича, ракетанинг таъсир қилиш доираси 900-1500 кмни ташкил қилади.
“Дунфэн-21D” АҚШнинг ҳарбий-денгиз стратегияси таянадиган авиаташувчи гуруҳлар тизимидан ўтиб кета олувчи дунёдаги ягона кемага қарши баллистик ракета ҳисобланади. Ракета қитъалараро баллистик ракета каби, аввал орбитада учирилади, сўнгра қайта атмосферага киради. Бироқ ракета нишонга яқинлашганда манёврлар бажара олади ва бу унинг ҳаракатдаги кемани нишонга уриш имконини беради.

Шундай 1200 та ракета нархи битта авианосецнинг нархига тенг бўлиб, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг дунё океанидаги ҳукмронлигини хавф остига қўймоқда.