Иқтисодётнинг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб, Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, халқ маънавияти ва маданиятини юксалтириш, шунингдек, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган фаолларни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Эҳтиром» нишони билан тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати хабар берган.

Тадбирдан кўзланган мақсад турли соҳаларда намунали фаолият кўрсатиб келаётган, фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига ҳисса қўшаётган, бу йўлда изланиш ва ташаббус кўрсатишдан тўхтамаётган, ижтимоий шериклик асосида халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида юқори натижаларга эришаётган турли соҳа вакилларини рағбатлантириш ҳисобланади.

Бугунги кунда давр талабидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолияти кўлами кенгайиб, ижтимоий шериклик асосида аҳоли, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар даромадларини янада ошириш, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва битирувчиларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат жамоаларида кўтаринки ва шукроналик кайфияти барқарорлигини таъминлаш масалалари устувор вазифалар қаторидан ўрин олди. “Эҳтиром” нишони билан тақдирлаш жараёнида ҳам бу борадаги ишлар, эришилаётган ютуқлар салмоғига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилда “Эҳтиром” нишони билан тақдирлаш учун тавсия этилган номзодлар сони 62 нафарни ташкил этди. Улар махсус комиссия томонидан ҳар томонлама ва чуқур ўрганилиб, бу жараёнда асосий эътибор тақдирлашга тавсия этилган номзоднинг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси, уларга Мустақиллик йилларида юртимизда эришилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, меҳнат жамоасини ўз олдига қўйилган вазифаларни самарали амалга оширишга сафарбар этиш йўналишларида олиб борилаётган амалий ишлари самарасига қаратилди.

Ўзбекистон Мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган мазкур тадбирда энг фаол ва ташаббускор 22 нафар турли соҳа ходимлари – ижтимоий ҳамкорлар, иш берувчилар ва фаоллар Касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони билан тақдирланди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, бу орқали ижтимоий масалаларни ҳал этишда ижобий натижаларга эришиш, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий-иқтисодий хаётида тутган ўрнини кучайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида мазкур нишонга сазовор бўлаётганлар орасида иш берувчилар, ижтимоий шериклар, маҳаллий ҳокимликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакилларининг салмоғи ортиб бормоқда. Хусусан, тантанали тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хожамурат Каипназаров, “Аммофос-Максам” АЖ Бошқаруви раиси Баҳодир Содиқов, “Ишонч” ва Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Муҳаммадзайниддин Рихсиев мазкур нишон билан тақдирланишди.