Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2 сентябрь куни Иккинчи жаҳон уруши тугаллангани ҳамда хитой халқининг япон империализми зулмидан халос бўлганининг 70 йиллигига бағишланган маросимда иштирок этиш учун Хитой пойтахти Пекин шаҳрига жўнаб кетган эди.

Президент Ислом Каримов бугун, 3 сентябрь куни Хитой пойтахтидаги Тяньаньмэнь майдонида бошланган маросимда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.

Пекиндаги ғалаба парадида дунёнинг 49 мамлакати расмий вакиллари иштирок этаётган бўлса, уларнинг 30 нафари давлат президентлари ва ҳукумат вакилларидир. ХХР раиси Си Цзиньпин билан бир қаторда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе хоним ва бошқа мамлакатлар етакчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳам фахрий меҳмонлар трибунасидан ўрин эгаллаган.

Тошкент вақти билан 09:00да бошланди. Хитой тарихидаги энг йирик парадда иштирок этиш учун Тяньаньмэнь майдонига Хитой ҳарбий кучларининг 50 эшелони: 12 минг нафар атрофида аскар ва офицерлар, 40 турдаги 500 дона ҳарбий техника иштирок этаётган бўлса, осмонда 20 турдаги 200 дона самолёт ва вертолётлар парвози намойиш этилди.

Ҳарбий парадда иштирок этаётган техникаларнинг 84 фоизи илк бор намойиш этилмоқда. Маросимда 15та Хитой ва 17та хорижий — Россия, Беларусь, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Куба, Мўғилистон, Покистон, Сербия, Тожикистон Афғонистон, Вануату, Венесуэла, Камбожа, Лаос ва Фижи пиёда қисмлари ҳам иштирок этмоқда.