Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги расмий сайтида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида электрон савдо қоидалари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини эълон қилинди.

Лойиҳага биноан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик ҳамда қонунчилик асосида юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган жисмоний шахслар электрон чакана савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Электрон улгуржи савдо билан эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва улгуржи савдони амалга оширишга рухсат берувчи зарур ҳужжатларга эга бўлган юридик шахслар шуғулланиши мумкин. Электрон улгуржи савдо фақатгина электрон шаклда шартнома имзоланиб, нақт пулсиз ҳисоб-китоб асосида амалга оширилади.

Сайт миллий доменлар тизимида сотувчининг номи билан рўйхатга олиниши лозим. Хориж домен тизимларида рўйхатдан ўтган сайтлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Сайтда савдога қўйилган маҳсулотнинг сифати ва бошқа истеъмол хусусиятларига баҳо бериш имконини берувчи ҳақиқий сурати мавжуд бўлиши талаб этилади.

Қонун лойиҳасида электрон савдони амалга оширишнинг бошқа тартиб ва шартлари ҳам ўрин олган.