Иккинчи жаҳон уруши тугаллангани ҳамда хитой халқининг япон империализми зулмидан халос бўлганининг 70 йиллигига бағишлаб Хитой пойтахти Пекин шаҳридаги Тяньаньмэнь майдонида бошланган маросимда дастлаб давлат байроғи кўтарилиб, ХХР раиси Си Цзиньпинь нутқ сўзлади. Маросим аввалида, шунингдек, ғалаба шарафига 70та тўпдан бир вақтда ўт очилди.

Парадда 12 минг нафар атрофида аскар ва офицерлар иштирок этаётган бўлса, уларнинг мингга яқини хориж мамлакатлари, жумладан, Россия қуролли кучлари вакилларидир. Энг ками 70 кишидан иборат фаҳрий қоровул таркибида Хитой ҳарбийлари билан бир қаторда, Белоруссия, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Куба, Мўғилистон, Покистон, Сербия ва Тожикистон вакиллари ҳам мавжуд. Шунингдек, Афғонистон, Вануату, Венесуэла, Камбожа, Лаос ва Фижининг 7 нафардан ҳарбий вакилларидан иборат гуруҳ ҳам парадда иштирок этмоқда.

Параднинг пиёда аскарлар юриши қисмини Россия ҳарбирлари — Москва шаҳрида жойлашган Преображенский алоҳида 154-комендантлик полкининг фаҳрий қоровул ротаси якунлаб берди. Шундан сўнг 500 дона ер усти ҳарбий техникаси, осмонда эса 200га яқин самолёт ва вертолётлар парвози намойиши бошланди.

Пекиндаги ғалаба парадида дунёнинг 49 мамлакати расмий вакиллари иштирок этаётган бўлса, уларнинг 30 нафари давлат президентлари ва ҳукумат вакилларидир. ХХР раиси Си Цзиньпин билан бир қаторда Россия Федерацияси, Корея Республикаси, Миср, Белоруссия, Покистон, ЖАР ва бошқа мамлакатлар етакчилари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳам фаҳрий меҳмонлар трибунасидан ўрин эгаллаган.