Швейцария банкларида Малайзиянинг 1MDB инвестицион фондига нисбатан ўтказилаётган тергов билан боғлиқ ҳолда коррупцияда гумон қилинаётган шахсларнинг ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилди. Бу ҳақда Швейцария бош прокуратураси матбуот хизмати берган баёнотда айтилмоқда.

“Швейцария бош прокуратураси девонхонаси бир неча миллион долларлик банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди”, деб таъкидламоқда матбуот хизмати вакили.

“Терговнинг бу эрта босқичида бош прокуратура далил ва исботлар йиғмоқда ва уларни таҳлил қилмоқда. Бош прокуратура бу борада Малайзия ҳукумати билан алоқани қўллаб-қувватламоқда. Хорижий давлатлар, айниқса Малайзия билан ҳамкорлик қилиш барча далилларни ўрнатиш учун муҳимдир”, деб айтмоқда матбуот хизмати вакили.

Июль бошида АҚШнинг The Wall Street Journal нашрида Малайзия бош вазири Нажаб Раззоқ икки йил давомида 1MDB давлат инвестицион фонди билан боғлиқ компаниялардан ўзининг шахсий ҳисоб рақамларига 700 млн доллар пул олгани таъкидланган мақола чоп этилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Антикоррупцион бошқарма, Марказий банк ва полиция вакилларидан иборат махсус комиссия тузилган ва текширувлар натижасида ҳақиқатан ҳам Раззоқ ҳисоб рақамларида бир неча юз миллионлаб пуллар борлигини аниқланган. Бироқ бош вазир бу маблағлар унга сиёсий мақсадлар учун хайрия қилингани ва у бу пуллардан шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланмаганини таъкидлаган.