Россиянинг КамАЗ компанияси ва Хитойнинг Hawtai Motor Group корпорацияси ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда рус авто ишлаб чиқарувчиси ўз сайтида маълум қилган.

Қўшма корхона Хитойда “КамАЗ” юк машиналарини, Россияда эса Hawtai енгил автомобиллари ишлаб чиқарилади.

“КамАЗ қўшма корхона устав капитали учун Россияда ишлаб чиқариш майдонини ажратиб, юк автомобиллари ишлаб чиқариш технологиялари ва бошқарув ресурсларини киритади. Ўз навбатида, Hawtai Motor Group компанияси қўшма корхона учун енгил конструкторлик ишланмалари ва автомобиллар соҳасидаги бошқа ноу-хауларни тақдим этади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, хитой енгил автомобилларини ишлаб чиқариш КамАЗ майдонларида йўлга қўйилади. “КамАЗ” юк автомобиллари учун эса Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида янги завод барпо этилиши режалаштирилган. Автомобиллар савдоси бўйича умумий чоралар кўрилади.