Россиянинг “Трансаэро” авиакомпанияси ўз амалий фаолиятини тахминан қишга қадар давом эттиради. Бу ҳақда Россия транспорт вазири Максим Соколов маълум қилди.

Вазир сўзларига кўра, авиакомпания йўловчилар олдидаги барча мажбуриятларни бажаради.
Авиаташувчи кредиторлари ўзаро келишиб, авиакомпаниянинг келгуси тақдирида бош кредитор — “Аэрофлот”нинг ролини ҳам аниқлаб олишади. Ҳужжат имзоланганидан сўнг эса авиаташувлар бозоридаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, “Трансаэро”нинг янги фаолият модели ва ривожланиш истиқболлари белгилаб олинади.

“Трансаэро”нинг санацияси ва унинг “Аэрофлот” назорати остига ўтиши билан боғлиқ жараёнлар ярим йилча вақт олиши таъкидлаб ўтилди.
Вазир, шунингдек, “Трансаэро”нинг “Аэрофлот” назорати остига ўтиши муносабати билан самолёт чипталари нархининг кўтарилиши мумкинлиги ҳақида муддатидан олдин хулоса чиқармасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Россиядаги йирик “Аэрофлот” авиакомпанияси “Трансаэро”нинг 75 фоиз ва бир дона акциясини 1 рублга сотиб олаётгани хабар қилинган эди.

Сбербанк эса “Трансаэро”нинг санация бўйича молиявий маслаҳатчиси бўлади.
“Трансаэро” авиаташувлар ҳажми бўйича Россияда иккинчи ўринда туради. Компания ҳисобида 106та самолёт мавжуд. 2015 йил 1 июнь ҳолатига кўра, компаниянинг умумий қарзлари 250 миллиард рублга етиб, уларнинг аксарияти қисқа муддатли кредитлардир.