Дунё инсонийликка муҳтожми?

Жамият 04 Сентябрь 2015 10904

Маълум бўлишича, оила бошлиғи курд миллатига мансуб, 40 ёшли Абдулла Курди суриялик бўлиб, оиласи билан 3 йил мобайнида Туркияда яшаб келган. Абдулла Курди интервьюсида оиласи билан Европага, у ердан эса Канадага кетишни режалаштирганини, содир бўлган фожиадан сўнг энди бунга ҳожат қолмаганини маълум қилган.

Туркия соҳилларига оқиб келган 3 ёшли Айлан Курдининг отаси ҳалокат оқибатида қурбон бўлган икки нафар фарзанди ҳамда рафиқаси Рейҳан Курдининг жасадини дафн қилиш учун ўз шаҳри Кобанига олиб кетмоқчи эканлигини маълум қилди.

Шунингдек, Абдулла Курди Ўрта Ер денгизи орқали Грецияга сузиб кетишаётганидан 4 дақиқа ўтиб, қайиқ бошқарувчисининг кучли тўлқинлар сабаб ваҳимага тушиши ва бошқарувни йўқотиб, ортга қайтиш учун қайиқдан сакраши оқибатида фалокат содир бўлганлиги тўғрисида ҳам айтган.

“Қайиқ бошқарувчиси билан бирга 13 киши сузиб кетаётган эдик. Кучли тўлқинлардан оиламни асраб қола олмадим. Ўғилларим барча болалар каби дунёдаги энг ширин болалар эди. Улар ҳар эрталаб мен билан ўйнаш учун эрта саҳардан мени уйғотишар эди. Энди нима ҳам қилардим. Қаттиқ қайғудаман.”

Мазкур масала юзасидан Туркия ҳукумати Бодрум шаҳрида қочоқларни Европа минтақасига ноқонуний йўллар билан, кема ва қайиқларда ўтказиб қўйиш билан шуғулланувчи 4 нафар шахснинг ҳибсга олингани, уларнинг 3 нафари Туркия ва бир нафари Сурия фуқароси эканлиги тўғрисида баёнот берган.

Абдулла Курдининг опаси Тима Курди ОАВга берган интервьюсида укасининг оиласини Канадага чақириб олиш учун барча саъй-ҳаракатларни қилгани, аммо ҳужжатлар Канада ҳукумати томонидан рад қилингани тўғрисида айтган.

Тима Курди ижтимоий тармоқларда қолдирган жиянларининг суратлари остига "Яхши ҳаёт излаб оғир фалокатга учраган укамга ҳамдардлик билдираман. Дунёда инсонийлик қолдими? Бу норасидалар бундай фожиага номуносиб эдилар. Юрагим эзилиб кетди. Сизга фаришталар ҳамроҳ бўлсин." дея изоҳ қолдирган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мазкур кўнгилсиз воқеага нисбатан ўз муносабатларини қолдириб, кимдир уларнинг Европа ҳудудига киришларига хайрихоҳлигини билдирса, кимдир муҳожирлар сабаб Европа Иттифоқи мамлакатларида юзага келаётган ижтимоий муаммоларни санаб ўтган. Шарҳ ва изоҳ қолдирган аксарият интернет фойдаланувчилари дунёнинг инсонийликка муҳтожлиги, инсоний қадриятларни яна жонлантириш кераклигини таъкидлашган. Интернет фойдаланувчилари томонидан "Ироқ ва Шом давлати" жангарилари бутун дунёнинг миллат ва дин танламас душмани экани, унга қарши халқлар биргаликда курашиши, оиласи ва жамиятининг тинчлиги учун ҳар бир шахс масъул экани такрор ва такрор таъкидланган.

Туркия соҳилбўйи қўриқлаш хизматининг 3 сентябрь куни берган хабарида 2015 йилнинг сўнгги беш ойи мобайнида Эгей денгизидан сузиб ўтишга уринган 42 минг, сўнгги ҳафтада 2 мингдан зиёд одамнинг ҳаёти асраб қолингани қайд этилган.

Муаллиф: Шуҳрат Сатторов, журналист

Кўпроқ янгиликлар