Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин йилнинг тўртта нуфузли турниридан бири, “Катта Дубулға” туркумига кирувчи АҚШ Очиқ чемпионатининг (US Open) яккалигидаги иштирокини якунлади.

У иккинчи давра учрашувида дунёнинг 20-ракеткаси австриялик Доминик Тимга қарши кортга чиқди.

Доминик Тим биринчи ва иккинчи сетларда 6:4, 6:4 ҳисобларида ғалаба қозонди. Учинчи сетнинг биринчи геймидан кейин эса Истомин жароҳати туфайли баҳсни давом эттира олмади.

Қайд этиш керакки Денис Истомин турнирнинг жуфтликдаги иштирокинм давом эттирмоқда. У биринчи даврада ўз шериги беларуслик Александр Бурий билан биргаликда Янко Типсаревич ва Раду Альбот жуфтлигини мағлуб этганди.

US Open теннис мусобақаси Нью-Йоркдаги Миллий теннис марказий кортларида ўтказилади. Мусобақа икки ҳафта давом этади.