Суриялик қочқинлар Европага боришнинг янги йўналишини топишди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ёзмоқда.
Кўплаб суриялик қочқинлар бугунги кунда Европага етиб олиш учун Россиянинг шимолига йўл олмоқда. Муҳожирлардан бирининг нашр мухбирига айтишича, Мурманск вилоятидан Норвегияга бор-йўғи 3 соатда етиб олиш мумкин.

Газета суҳбатдоши, Суриянинг Ҳама шаҳридан қочган ўқитувчи Байрутдан Москвага самолётда етиб олиш учун 1 600 доллар тўлаган. У, шунингдек, Россия визаси учун 250 доллар тўлаган, саёҳатнинг қолган қисмига эса 550 доллар сарфлаган. У бор мулкини рюкзак ичига солиб, совуқ ҳавода велосипедда манзилига етиб борган.
Бу ҳудудда Россия ва Норвегия ўртасидаги ягона назорат пункти Стурскугдир. У орқали жорий йилда Норвегияга 150 муҳожир ўтди.
Норвегия ЕИ аъзоси бўлмаса ҳам, визасиз зонага киради, шу боис у орқали Европанинг исталган давлатига бориш мумкин.

Қочқинларнинг таъкидлашича, Россия ва Норвегия чегараси Греция ва Италия қирғоғидай қаттиқ қўриқланмайди, шу боис келажакда янада кўпроқ муҳожирлар шу йўл орқали Европага ўтиши мумкин.