4 сентябрь куни Россиянинг “Пятница” телеканали эфирида оммавий «Орел и решка. Шопинг» кўрсатувининг Ўзбекистонга бағишланган сони эфирга узатилди. Кўрсатувнинг бу сони Самарқандда суратга олинаётгани 30 июнда маълум бўлган эди. Кейинроқ кўрсатув муаллифлари кўрсатув сюжетига шунингдек Бухоро ва Тошкентдаги лавҳалар ҳам киритилганини айтиб ўтишди. Икки ойдан бери ўзбекистонликлар бу кўрсатувнинг эфирга узатилишини интиқлик билан кутишди. Ва ниҳоят 4 сентябрь куни кўрсатувнинг Ўзбекистонга бағишланган сони эфирга узатилди.

Кўрсатув бошловчилари Мария Ивакова ва Антон Лаврентьев Бухоро ва Самарқандда шопинг уюштиришди. Тошкентга эса кўрсатувда бор-йўғи бир неча сонияларгина ажратилди. Антон бозорга дўппи, пичоқ, чўпон, ўзбек ширинликлари ва тансиқ таомлари ва албатта паловхонтўрани қидириб отланган бўлса, Мария эса сўзана, кулолчилик буюмлари, дизайнерлик кўйлаклари ва аксессуарлар ортидан йўл олди.

Кўрсатувдан кейин у ҳақдаги фикрлар турлича бўлди, бироқ кўпчилик томошабинлар кўрсатувдаги лавҳалардан кўнгиллари хира бўлди: уларнинг фикрича, кўрсатув ижодкорлари Ўзбекистонни бир томонлама ёритишган. Кўрсатувнинг ашаддий мухлислари бошловчилар кўпчилик нарсаларга юмор билан қарашлари ва кўпинча маҳаллий савдогалар ва аҳоли устидан аския қилишларини билсаларда, бироқ улар ўзларини “бироз хўрлангандек” ҳис қилдилар. “Кўрсатувдан кейин кайфият бир пул бўлди” , деб хулоса чиқарди кўпчилик. Бошловчиларнинг бир қатор масалалар борасидаги кесатиқлари ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг аччиғини келтирди. Бошловчиларнинг “Бизда ҳомиладорлар поливитаминлар комплекси истеъмол қилса, бу ерда улар кесак ерканлар” каби кесатиғи кўпчилик аёлларимизнинг нафсониятига тегди. Бошловчи Мариянинг Қуръон ўқиш учун тагликдан селфи олиш мосламаси тарзида фойдаланиши ҳам катта норозиликларга сабаб бўлди.