“Реал” футбол жамоаси Испаниядаги қочқинлар учун 1 млн евро ажратади

Спорт 05 Сентябрь 2015 1566

Мадриднинг “Реал” футбол жамоаси Испаниядан бошпана топган қочқинларга моддий кўмак сифатида бир миллион евро ажратади. Бу ҳақда жамоанинг расмий веб сайтида маълум қилинди.
“Реал” раҳбарияти клуб президенти Флорентино Переснинг Испания ҳукумати раҳбари Мариано Рахо билан бўлиб ўтган суҳбатидан сўнг шундай қарорга келди.
“Мазкур қарор уруш ва ўлим туфайли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш учун қабул қилинди”, – дейилади жамоа хабарида.
Шунингдек, комиссия қарорида “Реал"га тегишли бўлган бир қатор объектлар Испаниядаги қочқинларни жойлаштириш учун ажратилиши ҳам белгиланган.
Айни пайтда Европада муҳожирлар инқирози рўй бермоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2015 йил бошидан буён Европа Иттифоқининг 28та мамлакатига 400 минг нафардан зиёд киши қочқин мақомини сўраб мурожаат қилган. Ноқонуний муҳожирлар оқими эса 1 млн нафардан ортган. Шунингдек, 2,7 минг қочқин Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан Европага турли йўллар билан ўтишга уриниш чоғида ҳаётдан кўз юмган.

Кўпроқ янгиликлар