Буюк Британиянинг Aston Martin автомобилсозлик компанияси жосус 007 Жеймс Бонд ҳақидаги янги фильмнинг (“007: Спектр”) экранларга чиқишини DB9 GT Bond Edition спорткарларини чекланган миқдорда чиқариш билан нишонлайдиган бўлди, деб хабар бермоқда Carscoops нашри.

“2+2” купеси DB9 GT’нинг оддий моделидан кумушсимон ранги ва кузовда 007 Bond Edition табличкаси борлиги ҳамда енгил қотишмадан тайёрланган 20 дюймли ғилдираклар диски, капотдаги оч рангдаги алюминий вентиляцион тешиклари, карбондан тайёрланган олд сплиттер, орқа диффузор ва кулранг тормоз суппортлари борлиги билан фарқланиб туради.

Автомобиль салонида остоналарда рақамланган 007 логотипи туширилган накладкалар, ўриндиқда тикиб чиқилган тўппонча тасвири ва янги Aston Martin Ami II мультимедиа сенсор тизимининг Bond Edition экранини учратиш мумкин.

Янги машина бошқаришнинг электрон улагич тизимига эга 6 поғонали Touchtronic узатмалар қутиси билан бирга ишлайдиган 547 от кучига етадиган 6 литрли V12 двигатели билан жиҳозланган.

Машина соатига 100 км тезликка 4,5 сонияда эришади ва 295 км/соат максимал тезлик билан ҳаракатлана олади.

DB9 GT махсус версиясининг харидорларига Omega Seamaster Aqua Terra 150m James Bond Limited Edition соати каби қўшимча аксессуарлар ҳам таклиф этилади.

Aston Martin DB9 GT Bond Edition машинасини 150 дона чиқариш режалаштирилган. “Бондмобил”нинг бошланғич нархи 165 минг фунтни (250 минг доллар) ташкил қилади.