Kun.uz сайтида Суриядаги урушдан қочиш учун ота-онаси ва акаси билан денгиз кечаётган уч яшарли Айлон исмли болакайнинг суратлари ва ушбу суратлар атрофида содир бўлган воқеа-ҳодисалар кўплаб ижодкорларнинг туйғуларини жунбушга келтирди. Куни кеча эътиборингизга шу муносабат билан чизилган суратларни ҳавола этган бўлсак, бугун ўзбек ҳаваскор ва профессионал шоирларининг шеърларини тақдим этамиз.
Мақсадимиз болакайнинг дардини дунёга ёйиш, инсон қалбида нозик гўдакка нисбатан раҳм-шафқат туйғуларини жўш урдириш эмас. Бугунги нотинч дунёнинг минглаб, балки миллионлар қурбонларидан бири бўлмиш Айлон ҳақидаги шеър ва ижод намуналари мисолида ўзбек халқининг уруш ва можароларга, ҳар қандай қон тўкишларга буткул қарши эканлигини кўрсатиш, юртдошларимиз қалбида бугунги тинч ва осойишта кунлар учун шукроналик туйғуларини яна бир бор аланга олдиришдан иборат. Қуйида таҳририятимизга юборилган, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ана шундай шеърларнинг айримларини ҳавола қиламиз.

Айланайин сендан, Айлонгинам!

Иссиқ ўрнинг, пар болишинг қани жоним?
Кимлар сени шундай кўйга солди болам.
Совуқ сувнинг зарбасидан қайнар қоним,
Бағрим тилар, кўзим ёшлар оҳу нолам.

Айланайин бўйларингдан, Айлонгинам,
Мунис, мунчоқ кўзлари жим, ҳайронгинам!

Кас-нокаслар сиғган дунё соҳилларин,
Келиб-келиб, сен гўдакдан қизғандилар.
Шайтонга эл бўлган уруш “соҳиб”лари
Сени енгиб бугун “зафар” қозондилар.

Дунёларни совға қилган Айлонгинам,
Жасур, сахий, нозиккина полвонгинам!

Эй, кексалар, заифалар қаттоллари!
Болаларга уруш очган ҳезалаклар.
Иблис қавмин энг пасткашу қаллоблари,
Дастингиздан нобуд мурғак капалаклар!

Капалакдек учмасмидинг, Айлонгинам,
Жаннат ҳиди кетмаган гул райҳонгинам!

Боласини алқаб дейди: асал-қандим,
Қани эди шу эл аро туғилсайдинг!
Барча ёшлар - фарзандларим деган марднинг,
Кенг бағрида ўйнаб-кулиб ўсар эдинг!

Кечир, сени сақлолмадик, Айлонгинам,
Бахтинг кўрмоқ юрагимда армонгинам!

Манба: tiu.uz

* * *
Денгиз силар сочларингни, ухларсан жим, бепарво,
Тушларингга оппоқ ойдин тонглар кирар хушнаво,
Ширин уйқунг бузмайин деб унсиз йиғлайди само,
Сен яшасанг, тупроқ бағри тўлмасмиди, болажон,
Балиқ бўлиб сузиб кетсанг бўлмасмиди, болажон.
Озми сендек бечоралар нотинч юртда туғилган?
Қара, тоғлар чўкиб борар маъюс, қадди букилган,
Айт, сени ким хафа қилди — муштчаларинг тугилган,
Тинч элларда юрсанг бахтинг кулмасмиди, болажон,
Балиқ бўлиб сузиб кетсанг бўлмасмиди, болажон.
Катта бўлсанг, эслаб бир кун ўшал мудҳиш чоғларни,
Яраштириб қўярмидинг балки урушқоқларни,
Улашардинг гўдакларга ширин музқаймоқларни,
Отанг кечган дарё равон йўлмасмиди, болажон,
Балиқ бўлиб сузиб кетсанг бўлмасмиди, болажон.
Сени кўриб — қанча одам юрак-бағрин тиғлади,
Ношукрлар осойишта кунлар қадрин илғади,
Бешик ичра кулиб ётган ўғлин қучиб йиғлади,
Сен тушган сув нажот отлиғ кўлмасмиди, болажон,
Балиқ бўлиб сузиб кетсанг бўлмасмиди, болажон.
Неча йилки Шом элини қуёш ҳам четлаб ўтар,
Ҳаловатлар, салавотлар, қувонч ҳам четлаб ўтар,
Сен ҳам бунча аразлама, кел энди бошинг кўтар,
Уч ёшида мен кўрмаган ғамни кўрган, болажон,
Руҳи жаннат булоғида сузиб юрган, болажон.

Зоҳиджон ОЛОВ

* * *

Жаннатга кетдингми болам?!

Қалби сўқир, онгги моғорлаган дунё аҳлидан ранжима асло. Сенинг ранжишингга арзимас улар. Болам улардан Аллоҳ ранжиган. Болам Сен жаннатда ором ол энди...Сен ранжима дунё аҳлидан оппоқ орзуларингни ўзларининг кайфу сафоси учун керак бўлган бойликка алмашган бўлса ҳам. Улар охиратга инсон ақли етмайдиган азобларни сенинг орзуларингга алмашиб бўлишди. Болам сен жаннатда ором ол. Сен ранжима дунё аҳлидан сени сувга ғарқ қилишган бўлса ҳам. Улар гуноҳ уммонига ғарқ бўлган ахир. Болам сени тинмай дуо қиламан....кўзимга тинмайин ёш келар э воҳ...сен энг баланд мақомда туриб Аллоҳнинг ёнида ойнайсан энди. Болам Сен Аллоҳнинг суйгани бўлдинг....Болам сен мендан ранжима асло....сени ҳалок қилсалар ҳам жим турганим учун. Мен ҳали бу гуноҳга оламан жазо... Жаннатга ранжимай кетган болама!

Хуршид Далиев.

* * *
Аланнинг сўнги сўзлари

Тўртта мучам бут эди.
Кўзчаларим ўйилмай
Мен урушдан қочгандим.
Портламасдан
Сўйилмай.....

Яшамоқчи эдимку!
Талпингандим зиёга
Яхшиликлар қилмоқчи
Эдим ёмон дунёга.
Дарбон бўлгим келганди
Қизғандингми бағрингни?
Ширингина орзуйим
Келтирдими қаҳрингни?
Нима дединг, шовуллаб
Умидларим ўлдириб?
Сен ҳам алдаб қўйдингга
Қулоқчамни тўлдириб?
Алла-алла болам деб
Онам бўлиб алдадинг.
Эртак айтиб, эркалаб
Отам бўлиб алдадинг.
Мурғаккина жонимга
Кучи етган зўр денгиз.
Энди увлаб йиғламай
Қурбонингни кўр денгиз!
Ғолиб деган акам ҳам
Мағлуб бўлди бағрингда.
Яна қанча қоракўз
Ётар экан қаърингда?
Қабохатдан қочган у
Қисматимиз кўр, денгиз!
Энди сен ҳам машҳурсан
Пешонаси шўр денгиз!
Тўртта муччам бут эди.
Кўзчаларим ўйилмай
Мен ажалдан қочгандим.

Портламасдан
Сўйилмай...

М. Иброҳимова

* * *
Кўзларим қаърини бир алам босди,
Соҳилда бир гўдак ётар бегуноҳ...
Ёронлар, бу чўккан гўдак эмасди,
Мусулмон ғурури чўккан эди, оҳ!

Хайрулла Ҳамидов

* * *

Шаҳидлар қавмининг орасидалар
Бевақт ўлим топган норасидалар
Тушди ўт дунёнинг бор тоатига
Лойиқ эл қолмади шафоатига.

Қаҳрамон Асланов