Honda компанияси Қозоғистон ва Россияни тарк этди

Иқтисодиёт 05 Сентябрь 2015 2300

Япониянинг Honda компанияси Қозоғистон ва Россия бозорларини тенге ва рублнинг қадрсизланиши боис тарк этди. Компания Қозоғистонга охирги машина ва мотоциклларини 2015 йилнинг бошидаёқ етказиб берган эди, Россияга охирги машиналар, жумладан Acura маркаси модели, декабрнинг охирида етказилади, деб хабар бермоқда Motor.kz нашри.

Компаниянинг Москвадаги ваколатхонаси кўп сонда ўз ходимларини қисқартирмоқда. Келажакда эҳтиёт қисмлар етказилиши ва кафолат сиёсати учун жавоб берадиган фақатгина кичик бир жамоа қолади. Компаниянинг бу бозорлардан кетиши валюталарнинг қадрсизланиши ва импорт қилинувчи машиналарга нахрнинг ошиб кетиши сабабли талабнинг пасайиши билан шартланмоқда.

Қозоғистонда 2014 йил давомида 425 та автомобиль, жорий йилда эса 200 та автомобиль сотилган.

Маълумотларга кўра, Россияда Honda автомобилларининг савдоси 78 фоизга тушиб кетган (2742 автомобиль). Ўтган йиллар бир йилда сотиладиган автомобиллар сони 20 мингтага етар эди. 2008 йилда эса рекорд даражадаги 89 мингта Honda автомобили сотилган эди.

Кўпроқ янгиликлар