Жиззахлик 105 ёшли Хайри она Шокирова Ўзбекистон раҳбарининг 26 августдаги фармони билан 14 киши қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Жиззах ҳокимлигининг расмий сайти орқали маълум қилинди.

“Истиқлолнинг 24 йиллик тўйи муносабати билан президентимиз фармонига кўра бир гуруҳ 100 ёшдан ошган юртдошларимиз ватанимизнинг юксак мукофоти — "Шуҳрат” медали билан мукофотландилар. Улар орасида Жиззах туманидаги Қулама қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 105 ёшли Хайри она Шокирова ҳам борлиги қувонарли”, - дейилади хабарномада.
Вилоят ҳокими, Сенат аъзоси Сайфиддин Исмаилов ва бир гуруҳ вилоят фаоллари онахонни истиқлолнинг 24 йиллик тўйи билан муборакбод этиш ҳамда “Шуҳрат” медалини топшириш учун Хайри Шокирова хонадонига ташриф буюрдилар.

“Сизга президентимизнинг алангали саломи ҳамда ватанимизнинг юксак мукофотини келдтирдик”, - дейди вилоят ҳокими. - Сизни меҳнат фронтининг ҳақиқий фидойиси сифатида яхши биламиз. Ўша суронли йилларда ғўза чопиб пахта, ипак қурти боқиб пилла этиштириишда жонбозлик кўрсатдингиз. Ватанимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш учун бор куч-ғайратингизни аямай меҳнат қилганлигингиздан хабардормиз. Мана бу мукофот сизнинг машаққатли меҳнатларингиз эвазига берилаяпти”.

Шундан сўнг вилоят ҳокими аёлнинг кўксига "Шуҳрат” медалини тақиб қўйди.
“Мендек бир кекса онани сийлаганлари учун Юртбошимизга минг бора раҳмат, - дейди Хайри она. - Илоҳо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Ўзбекистонимизга кўз тегмасин”.