Ўзбекистон чегарачилари давлат чегарасини бузиб ўтишга ҳаракат қилган Қирғизистон фуқаросини яралади. Бу ҳақда чегара қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, 4 сентябрь куни соат 15:25да Наманганнинг Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи яқинида чегарачилар чегарани бузиб ўтишга ҳаракат қилаётган шахсни кўриб қолишган. Огоҳлантиришга қарамай, чегарани бузган шахс қочишга ҳаракат қилган.

Уни тўхтатиш учун дастлаб ҳавога ўқ узилган, сўнг Қирғизистон фуқароси томонга ўқ узилиб, у яраланган.
Аниқланишича, у Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманидаги Мозор қишлоғида истиқомат қилувчи 24 ёшли А. Тожиматовдир. У Янгиқўрғонда жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. Ҳозир Тожиматовнинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.
Хабарномада таъкидланишича, Тожиматовнинг телефонидан диний мазмундаги ёзувлар топилди. Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилди.