АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали суҳбати чоғида Суриядаги вазият борасида хавотир билдирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтидаги хабарда маълум қилинди.

Хусусан, Керри Лавров билан ОАВларда пайдо бўлган “Сурияда Россия ҳарбий аралашувининг оширилаётгани” ҳақидаги хабарларни муҳокама қилди.

Керри “агар бу хабарлар ҳақиқатга мос келса, унда бундай ҳаракатлар можаронинг янада чуқурлашишига олиб келишини” айтди.

Бундан аввал The Telegraph нашрида Россия Сурияда ҳарбий база қуриб, у ерга бир неча юз ҳарбийни юборишни режалаштираётгани айтилган мақола чоп этилган эди.