Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ташкил этилиб, акция доирасида илк бора мактаб остонасига қадам қўйган 12 минг нафар 1-синф ўқувчилари учун “Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” тадбири ўтказилди. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот хизмати томонидан таҳририятга юборилган хабарномада айтилди.
Лойиҳадан кўзланган мақсад – болажонларга кичик ёшиданоқ соғлом турмуш тарзи тамойилларини сингдириш, шу мақсадда юз-қўллари, кийим-кечаклари ва ўқув анжомларини озода тутиш, саранжом саришталикка риоя этиш тартиб-қоидаларини улар онгига сингдириш. Тадбир давомида ўғил-қизларга бу борада тушунтиришлар бериш билан бирга, болаларни доимо озодаликка чорлаб туриш мақсадида кундалик ҳаётда риоя этишлари лозим бўлган санитария-гигиена қоидалари жамланган эслатма-қўлланма тақдим этилди. Шунингдек, 12 минг нафар ўғил-қизнинг ҳар бирига гигиеник воситалар тўплами ҳадя этилди.
Мамлакатнинг чекка туманларидаги 295дан ортиқ қишлоқ мактабларида ташкил этилган ушбу тадбирларда ўйин-мулоқот усулларидан фойдаланган ҳолда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга ундовчи экологик суҳбатлар ҳам ўтказилди. Шунингдек, юқумли касалликлардан сақланишда шахсий гигиена қоидаларига риоя этишнинг муҳим шартлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Мазкур акция доирасидаги тадбирлар дастуридан болалар учун мўлжалланган маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўрин олди. Таниқли санъаткорлар, хонандалар ва қўғирчоқ театри актёрларининг чиқишлари ташкил этилиб, улар томонидан тозалик ва озодаликнинг ҳаётда нақадар муҳимлиги, озода қўллар саломатлик гарови эканлиги саҳналаштирилган кўринишлар орқали намойиш этилди.
Таъкидланишича, акция жорий йилнинг 4 сентябрь куни мамлакатнинг барча ҳудудларидаги чекка туманларнинг умумтаълим мактабларида 1-синф ўқувчилари ўртасида бир вақтда ўтказилди.

Муаллиф: Элдор Асанов