Ўзбекистон миллий терма жамоаси Манилага учиб кетди

Спорт 06 Сентябрь 2015 2562

Самвел Бабаян бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 сентябрь куни тонгда Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи, 4-тури доирасидаги Филиппинга қарши ўйинни ўтказиш учун чартер рейс билан Манилага учиб кетди.

Филиппин пойтахтига йўл олиш олдидан жамоа тўртинчи ва бешинчи сентябрь кунларида Тошкентдаги “Жар” стадионида машғулотлар ўтказди.

Ўзбекистон терма жамоасининг Яманга қарши эълон қилинган 23 нафар футболчидан иборат рўйхатидан Филиппинга қарши ўйинга йўл олган таркибда биргина ўзгариш бор. Жамоа ярим ҳимоячиси Фозил Мусаев оилавий сабабларга кўра Манилага учмайдиган бўлди. Саралашнинг 3-тури доирасидаги Яманга қарши учрашувда дисквалификация сабаб жамоага ёрдам бера олмаган Азизбек Ҳайдаров эса Филиппинга қарши ўйинда майдонга туша олади ва у жамоа билан сафарга йўл олди.

Эслатиб ўтиш керакки, 7 сентябрда Филиппин ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади. Филиппин – Ўзбекистон учрашуви 8 сентябрь куни Тошкент вақти билан 17:00 да Бокаю Сити шаҳрида ўтказилади. 8 сентябрь куни, шунингдек, Доҳада Яман терма жамоаси Баҳрайн терма жамоасига қарши 4-тур учрашувини ўтказади. Шимолий Корея терма жамоаси 4-турда дам олади.

Кўпроқ янгиликлар