Швейцариянинг марказий қисмида сайёҳлик автобуси иштирокида юз берган йирик автоҳалокатда 41 киши, жумладан 10 нафар британиялик жароҳат олди. Бу ҳақда Press Association британ ахборот агентлиги маълум қилди.

“41 киши жароҳат олди, улардан 4 нафари жиддий жароҳатланган. Сайёҳларни ташиб юрган автобус Люцерн шаҳри яқинидаги А2 йўлида яна 5 та машина иштирокидаги автоҳалокатга учради”, дейилмоқда хабарда.

Ушбу хабарни Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам тасдиқлади. Британ ОАВлари нохуш воқеа 4 сентябрь куни юз берганини ва воқеа жойига кўп сонда тез тиббий ёрдам машиналари келганини маълум қилганлар. Жиддий жароҳат олганлар шифохоналарга вертолётларда етказилган.

Британиялик сайёҳларни ташиб юрган Mercedes русумидаги автобус Жанубий Уэльсдан Шимолий Италиядаги Комо кўлига 10 кунлик сафар уюштирган ва Буюк Британияга ортга қайтаётганда аварияга учраган. Уэльснинг Edwards компанияси автобуснинг эгаси ҳисобланади.