АҚШнинг Кентукки штатида фаолият юритаётган спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи фабриканинг омборхонасини яшин урди. Бунинг натижасида омборхонада ёнғин келиб чиқиб, 3 млн литр виски оловда йўқ бўлиб кетди.

Ёнаётган спиртли ичимликнинг бир қисми яқин орадаги сув ҳавзасига оқиб кетди, деб хабар беради ТАСС. Бунинг натижасида сув юзаси оловланди, кучли шамол эса оловли торнадонинг келиб чиқишига олиб келди.

Шунга қарамай, ёнғинни тезда ўчириш ва олов майдонининг кенгайиб кетишининг олдини олишга муваффақ бўлинди. Аммо сув ҳавзасида жуда кўп балиқ ҳалок бўлди.

Эндиликда фабрика маҳаллий ҳокимиятга ёнғин оқибатларини бартараф қилиш учун 27 минг доллар тўлаши керак бўлади.