Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи 4-тур ўйинлари доирасидаги Филиппин – Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда дастлаб Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ҳамда терма жамоа ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров иштирок этишди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берган.

“Ҳозир шундай ҳолатдамизки, биз учун ҳар бир учрашув — энг муҳим ўйин. Чунки турнир жадвалида ҳозирги вақтда 3-ўринни эгаллаб турибмиз. Ҳозир энг муҳими — ўйинимизни кучайтириб олиш. Чунки жамоа катта салоҳиятга эга. Ушбу ўйинга жамоа билан жуда яхши тайёрландик, деб айта оламан. Эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Рақибни ҳурмат қиламиз. Бу жамоа бекорга икки ўйинда олти очко тўпламади. Улар бизнинг гуруҳда етакчилардан бири ҳисобланади. Филиппин — бир неча яхши ижрочиларга эга бўлган ва тартибли ўйин намойиш этадиган жамоа. Шунга қарамай, биз бу ерга ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш учун келдик. Эртага ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз”, — дея 8 сентябрь куни бўлиб ўтадиган ҳақида Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.

Матбуот анжуманида унга ҳамроҳлик қилган Сервер Жепаров ҳам ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, жумладан, шундай деди: “Бу менинг Филиппинга илк ташрифим ва бу ерда эканимдан жуда хурсандман. Бўлажак ўйинга келадиган бўлсак, биз бу ерга фақат ғалаба учун ташриф буюрганмиз. Ўйлайманки, эртага яхши ўйин намойиш қилиб, ўзимизга керакли натижа билан қайтамиз”.

Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Самвел Бабаян яна бир неча масалаларга тўхталиб ўтди.

“Ҳақиқатдан ҳам биз узоқ парвозни амалга оширдик ва бунга бутун кунимиз кетди. Лекин ўйинга тайёргарлик режамизга мувофиқ тарзда ишларимизни олиб борсак, узоқ парвоз ўйинимизга салбий таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман”

“Терма жамоа ва клубда бош мураббий бўлиб ишлаш бир-биридан жуда фарқ қилади. Терма жамоада футболчиларга ўз ғояларингни уқтириш учун вақт жуда оз. Шундай бўлса-да, қўл остимдаги жамоада кўплаб кучли клубларда ўйнаётган юқори савияли футболчилар бор. Бу борада омадим келган деб айта оламан. Ишончим комилки, ўйиндан-ўйинга кучайиб борамиз”.

“Терма жамоада ҳозир ўйинни тартибли йўлга қўйиш ва ўзим истаган ўйин услубини йигитларга сингдириш мен учун муҳим. Шундай пайтда жамоангда Сервер Жепаров ва Александр Гейнрих каби футболчиларнинг бўлиши бу исталган мураббий учун бахт”.

“Шимолий Кореяга қарши ўйинда йўлга қўйилган асосий хато ҳимоядаги парокандалик бўлган ва менинг терма жамоага келиб, биринчи бўлиб қилишим керак бўлган иш — шу камчиликларни бартараф этиш эди. Ўйлайманки, ҳимоя ва ҳужум чизиғи ўртасидаги мутаносиблик, уйғунлик яхши йўлга қўйилди. Бўлажак ўйинларда аввалги хатолар такрорланмайди деб ўйлайман”, — дейди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян.