1966 йили Англия терма жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлган собиқ футболчи Бобби Чарльтон Манчестер шаҳридаги Миллий футбол музейи ҳудудида ташкил этиладиган Шон-шуҳрат хиёбонига ўрнатиладиган илк ҳурмат тахтасини намойиш қилди.

Бу тахтачага музей директори ҳисобланадиган Бобби Чарльтоннинг исми туширилган. Унда шунингдек, 1966 йилги чемпионатни ютган Англия терма жамоаси футболчилари сурати тасвирланган. Бу суратда Бобби Мур, Гордон Бенкс ва Нобби Стайлз каби футболчиларни кўриш мумкин.

Маълумот учун, Миллий футбол музейи 2001 йилда ташкил қилинган. Аввалига у Англиянинг Престон шаҳрида жойлашганди, 2012 йилда эса Манчестер шаҳрига кўчирилган. Музейни тез-тез таниқли шахслар зиёрат қилиб туришади.