7-8 сентябрь кунлари Британия Кенгаши раҳбари сэр Вернон Жейм Эллис Тошкентга расмий ташриф билан келади. Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги Британия Кенгаши фаолияти билан танишиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат, дейилади ташкилот ваколатхонаси хабарида.

"Газета.уз" нашри хабарига кўра, ташриф давомида сэр Вернон Жейм Эллиснинг Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов, Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов билан учрашиб, инглиз тилининг ўқитилиши, таълим ва санъат соҳасида келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Британия Кенгаши раҳбари, шунингдек, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши лойиҳалари қатнашчилари ва шериклари билан учрашувлар ўтказиб, келгусидаги ҳамкорлик тўғрисида суҳбатлашиб олади.

Британия Кенгаши — халқаро ташкилот бўлиб, таълим, маданият ва санъат соҳасида Британия ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш билан шуғулланади. Айни пайтда ташкилотнинг идоралари дунёнинг 110 мамлакатида фаолият кўрсатиб, уларда 7000дан зиёд ходим меҳнат қилади.

Тошкентдаги Британия Кенгаши эса икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланган 1996 йилдан фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистондаги Британия Кенгаши лойиҳалари таълим соҳасидаги миллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инглиз тили кўникмаларининг ривожлантирилишига йўналтирилган.

Сэр Вернон 2010 йилда лорд Киннок ўрнига Британия Кенгаши раислигига тайинланган.